ДАВЛАТ КАДАСТРЛАРИ ПАЛАТАСИ ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРИ ЮРИДИК ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИ УЧУН МАЛАКА ОШИРИШ КУРСИ ЯКУНЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари юридик хизмат ходимлари учун ташкил этилган малака ошириш курси якунланди.
Ўқув машғулотлари давомида тингловчилар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ушбу соҳада юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби ҳамда мазкур йўналишдаги қонунчиликни қўллаш амалиётини ўргандилар.
Шунингдек, маъмурий суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, судларга ариза, шикоят ва илтимосномалар киритиш тартиби, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари қарорларини ҳуқуқий жиҳатдан асослаш ҳамда кадастр органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Машғулотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда адвокат сўровларини кўриб чиқиш тартиби, шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ низоларнинг судларда кўрилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Назарий билимлар амалий мисоллар билан мустаҳкамланиб, тингловчиларнинг қонунчилик нормаларини тўғри қўллаш, ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва суд жараёнларида самарали иштирок этиш кўникмалари ривожлантирилди.
Курс якунида тингловчилар билимини баҳолаш мақсадида тест синовлари ўтказилди. Синовлардан муваффақиятли ўтган тингловчиларга курсни тамомлаганлик сертификатлари топширилди.
Тингловчи фикри
Малака ошириш курси тингловчиларидан бири ўқув машғулотлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
«Мазкур малака ошириш курси касбий фаолиятимизда учрайдиган масалаларни чуқурроқ англаш, қонунчилик нормаларини тўғри қўллаш ва амалий кўникмаларимизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Тажрибали мутахассислар томонидан олиб борилган машғулотлар биз учун фойдали бўлди».
Boshqa yangiliklar
-
Одил судлов академияси вакили Малтадаги халқаро конференцияда Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди
-
EMOTIONS FROM JAPAN: ЯНГИ ТАЖРИБА — ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР!
-
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунга шарҳ китоби тақдимоти ва жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди
-
АКАДEМИЯ ДEЛEГАЦИЯСИНИНГ ЯПОНИЯГА ТАШРИФИ: ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ВА ТАЖРИБА АЛМАШИНУВИ
-
АКАДEМИЯ ВАКИЛИ “III GENÇLİK ФОРУМУ”ДА ИШТИРОК ЭТДИ