Академик ҳалоллик ва этик юксалиш

Академик ҳалоллик ва этик юксалиш кенгаши

-

    Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида Академик ҳалоллик ва этик юксалиш кенгаши академик ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш, таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларида юқори ахлоқий стандартларни таъминлаш, суд тизими учун ҳалол ва виждонли кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида ташкил этилган доимий коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади.
    Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Судя лар олий кенгашининг қарорлари, Академия Кенгашининг 2026-йил 19-майдаги 4-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси Академик ҳалоллик ва этик юксалиш кенгаши тўғрисида”ги Низом ҳамда Академия ректорининг 2026-йил 26-майдаги 35-ум-сонли буйруғи асосида фаолият юритади.
         Кенгашнинг асосий мақсадлари ва вазифалари
         Кенгаш Академияда қуйидаги йўналишларда фаолият олиб боради:
Академик ҳалоллик, тадқиқот этикаси, баҳолаш шафофлиги, муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш қоидаларини жорий этиш ва мониторинг қилиш;
Плагиат, ўз-ўзини плагиат қилиш, кўчирмачилик, контракт-читинг, маълумотларни сохталаштириш ва бошқа академик ноҳалоллик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда уларни кўриб чиқиш;
Тингловчилар, магистрантлар, профессор-ўқитувчилар ва ходимларда ҳалоллик, виждонлилик, холислик, масъулият ва шафофлик тамойилларини шакллантириш;
Академик ҳалоллик бўйича мажбурий тренинглар, семинарлар ва ўқув курсларини ташкил этиш;
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, силабуслар, баҳолаш топшириқлари, диссертатсиялар ва илмий ишларнинг академик ҳалоллик талабларига мувофиқлигини назорат қилиш;
Ҳар ўқув йили якунида Академияда академик ҳалоллик ҳолати бўйича таҳлилий ҳисобот тайёрлаш;
Ўқув ва илмий адабиётларнинг сифатини ошириш, уларни экспертизадан ўтказиш ва нашрга тавсия этиш;
Профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларни илмий унвонлар, танловлар, грант ва стипендияларга тавсия этиш.
       Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, халқаро академик этика стандартларига ҳамда профилактик ёндашув тамойилларига асосланади.
         Кенгаш таркиби ва фаолият тартиби
         Кенгаш таркиби Академия ректори буйруғи билан тасдиқланади ва қуйидагилардан иборат:
6 нафар тажрибали профессор-ўқитувчилар;
2 нафар Академия мутахассиси;
1 нафар бошқа олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиси;
1 нафар касбий қайта тайёрлаш курси тингловчиси;
1 нафар магистратура талабаси;
2 нафар чет элдаги ватандош ва мутахассислар.
          Кенгаш таркибини шакллантиришда гендер тенглик, таълим йўналишлари хилма-хиллиги, илмий салоҳият, мустақиллик ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик тамойиллари ҳисобга олинади.
      Кенгаш раиси, раис ўринбосари ва котиби ҳар йили бошида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Кенгаш мажлислари коллегиаллик, мустақиллик, ошкоралик ва холислик принциплари асосида ўтказилади. Қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Аҳамияти
            Академик ҳалоллик ва этик юксалиш кенгашининг фаолияти Одил судлов академиясининг асосий вазифаси — суд тизими учун юқори малакали, ҳалол ва касбий ахлоқий меъёрларга қатъий риоя қилувчи кадрлар тайёрлашни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу суд мустақиллигини мустаҳкамлаш ва жамиятда суд тизимига бўлган ишончни оширишга хизмат қилади.

Академик  ҳалоллик  кенгаши  Низоми

2026  йил иш режаси

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097