Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раисларининг ўринбосарлари учун малака ошириш курси бошланди

01.06.2026 / 20:21
29
#

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар раисларининг ўринбосарлари учун малака ошириш курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ўқув курсида республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 35 нафар суд раислари ўринбосарлари иштирок этмоқда. Курс 5 кун давомида ўтказилиб, жами 38 академик соатга мўлжалланган.

Курснинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари А.Усмонов иштирок этиб, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, суд тизимида профессионал кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда раҳбар ходимларнинг масъулияти ҳақида маъруза қилдилар.

Ўқув дастури суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, судларда оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий геосиёсий жараёнлар, стресс ва вақтни бошқариш, шунингдек, суд амалиётининг долзарб масалаларига бағишланган мавзуларни қамраб олган.

Шунингдек, тингловчилар Олий суд фаолияти билан яқиндан танишиш, жиноят, фуқаролик, ма'мурий ва иқтисодий ишлар бўйича суд амалиётини таҳлил қилишга қаратилган амалий машғулотларда ҳам иштирок этадилар.

Малака ошириш курси суд раислари ўринбосарларининг касбий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, бошқарув салоҳиятини ошириш ҳамда одил судлов сифатини юксалтиришга хизмат қилади.