Туркий давлатлар суд-ҳуқуқ таълими бўйича халқаро форум бўлиб ўтди

08.05.2026 / 10:05
15
#

Жорий йилнинг 5–6-май кунлари Тошкент шаҳрида “Туркий давлатларда суд-ҳуқуқ таълими ва одил судлов: рақамли трансформатсия ҳамда илғор тажрибалар сари интегратсия” мавзусидаги нуфузли халқаро форум бўлиб ўтди.

Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси томонидан ташкил этилди. Форумда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатларининг суд-ҳуқуқ таълими муассасалари, бош прокуратуралар ҳузуридаги таълим муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар иштирок этди.

Форум доирасида суд-ҳуқуқ тизимини модернизатсия қилиш, судялар корпусини тайёрлаш ва қайта тайёрлашда замонавий ёндашувларни жорий этиш, шунингдек суд-ҳуқуқ таълимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир давомида иштирокчилар томонидан соҳада рақамли трансформатсияни жадаллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш ҳамда судяларни тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.

Форум доирасида “Таълим жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиёти”, “Судяларни тайёрлаш ва малакасини оширишда халқаро стандартлар ҳамда илғор ёндашувлар”, “Судя ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кадрларини тайёрлашда замонавий педагогик усуллардан самарали фойдаланиш истиқболлари” каби долзарб мавзуларда сессиялар ташкил этилди.

Сессиялар давомида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан суд-ҳуқуқ таълими тизимида рақамли ечимларни жорий этиш, электрон таълим платформаларини ривожлантириш, судялар малакасини оширишда инновацион усулларни қўллаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан маърузалар тақдим этилди.

Форум якунида туркий давлатлар суд-ҳуқуқ кадрларини тайёрлаш муассасалари раҳбарлари томонидан қўшма баённома имзоланди. Мазкур ҳужжат ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Халқаро форумнинг иккинчи куни хорижий делегациялар аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясига ташрифи ташкил этилди. Меҳмонлар Академия фаолияти, ўқув жараёни, илмий тадқиқот ишлари ҳамда замонавий инфратузилма билан яқиндан танишдилар.

Ташриф давомида Академияда жорий этилган “Електрон таълим” дастурий таъминоти, ўқув режалари ва илмий фаолиятга оид тақдимотлар ўтказилди. Айниқса, бўлажак судяларнинг психологик портретини шакллантириш бўйича илғор ёндашувлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ҳамда Озарбайжон Республикаси Адлия академияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки давлат ўртасида суд-ҳуқуқ таълими соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Форум якунида иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси билан танишиш мақсадида маданий дастур ташкил этилди. Хусусан, Ислом сивилизатсияси маркази ҳамда Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга ташриф буюрилди.

Умуман олганда, мазкур халқаро форум суд-ҳуқуқ таълими соҳасидаги замонавий тенденсияларни муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.