Суд тизими фаолиятини ёритишга ихтисослашган журналистлар тайёрланмоқда

06.04.2026 / 20:34
15
#

Аввал хабар қилганимиздек бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида “Суд журналистикаси” йўналишидаги махсус ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ўқув курси Одил судлов академияси ҳамда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида ташкил этилиб, унинг асосий мақсади бўлажак журналистларда суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини чуқур англаш, суд жараёнларини холис ва профессионал ёритиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат бўлди.

Тадбирда Судялар олий кенгаши раиси Х.Б. Ёдгоров, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори С.Б. Рашидов, Одил судлов академияси ректори Ш.Ё. Абдуқодиров, шунингдек Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Ш.О. Ориповлар иштирок этиб, сўзга чиқдилар.

Улар ўз маърузаларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни кучайтиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидладилар.

Мазкур ўқув курсида жами 41 нафар Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари иштирок этди. Улар ушбу курс орқали суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини чуқур ўрганиш ҳамда суд жараёнларини профессионал даражада ёритиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлиш имкониятини қўлга киритдилар.