Руҳий барқарор судья — адолатли қарорнинг муҳим кафолати
Судьянинг касбий фаолияти юксак масъулият, холислик, вазминлик ва кучли руҳий барқарорликни талаб этади. Чунки суд жараёнида қабул қилинадиган ҳар бир қарор инсон тақдири, жамият манфаатлари ва қонун устуворлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Сурункали стресс, руҳий зўриқиш ва касбий чарчоқ эса инсоннинг диққат-эътибори, ҳиссий ҳолати ҳамда мураккаб вазиятларда оқилона қарор қабул қилиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис, 2026 йил 19 август куни Андижон вилоятида Одил судлов академияси эксперт ва психологлари иштирокида судьялар учун психологик семинар-тренинг ташкил этилди.
Тренингнинг асосий мақсади — судьяларнинг касбий фаолиятида руҳий барқарорликни мустаҳкамлаш, стрессли вазиятларни тўғри бошқариш, ҳиссий зўриқишларнинг олдини олиш ҳамда мураккаб ҳолатларда холис ва вазмин қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат бўлди.
Машғулотлар давомида:
🔹 стрессни бошқариш ва руҳий зўриқишни камайтириш;
🔹 эмоционал интеллектни ривожлантириш;
🔹 мураккаб вазиятларда ўзини бошқариш ва вазминликни сақлаш;
🔹 касбий чарчоқнинг олдини олиш;
🔹 иш ва шахсий ҳаёт ўртасида соғлом мувозанатни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Амалий ва интерактив машқлар асосида ташкил этилган тренинг иштирокчиларга нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки кундалик касбий фаолиятда қўллаш мумкин бўлган самарали психологик усулларни ўзлаштириш имконини берди.