Одил судлов академиясида Испаниянинг Саламанка университети профессорлари билан учрашув бўлиб ўтди

20.04.2026 / 22:35
26
#

Бугун Одил судлов академиясида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида Испаниянинг нуфузли Саламанка университети вакиллари — профессор Лоренсо М. Бухоса Вадел ҳамда доктор Валтер Рейфарт Мунёс билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда халқаро экспертлар ҳамда Одил судлов академияси раҳбарияти иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар замонавий протсессуал ҳуқуқ, инсон ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилиниши ҳамда суд тизимида рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. 

Меҳмонлар Саламанка университетининг ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш бўйича тажрибаси, хусусан, жамоавий манфаатларни суд орқали ҳимоя қилиш ва конституциявий кафолатлар борасидаги илмий изланишлар билан ўртоқлашдилар.

⏺Учрашув давомида Одил судлов академияси томонидан истиқболдаги ҳамкорлик бўйича қуйидаги ташаббуслар илгари сурилди:

💬Халқаро тажриба асосида мастер-класслар: Профессор Лоренсо М. Бухоса Вадел ва доктор Валтер Мунёс иштирокида "Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларининг миллий ҳуқуқ тизимига таъсири" ва "Електрон медиатсия" мавзуларида семинар-тренинглар ташкил этиш;

💬Илмий ҳамкорлик ва нашрлар: Саламанка университети ва Одил судлов академияси олимлари ҳамкорлигида протсессуал ҳуқуқнинг долзарб муаммоларига бағишланган қўшма ўқув қўлланмалар ва илмий мақолалар тайёрлаш;

💬Академик алмашинув: Академиянинг ёш тадқиқотчилари ва профессор-ўқитувчилари учун Саламанка университетида қисқа муддатли илмий стажировкаларни йўлга қўйиш;

💬Замонавий ўқув методикаси: Испания тажрибаси асосида "Коллектив ҳуқуқларни ҳимоя қилиш" ва "Халқаро жиноий суд билан протсессуал ҳамкорлик" мавзуларини ўқув дастурларига татбиқ этиш.

Учрашув якунида томонлар ўзаро илмий ва ўқув алоқаларини янги босқичга кўтариш, шунингдек, илгари сурилган таклифларни амалиётга жорий этиш мақсадида ҳамкорлик меморандумини тайёрлаш масаласида келишиб олдилар.