МАҲАЛЛАЛАРДА ХАВФСИЗ МУҲИТНИ ЯРАТИШ: ЯНГИ БОСҚИЧ ВА МАНЗИЛЛИ ЁНДАШУВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев томонидан 2026-йил
5-январда қабул қилинган ПҚ-1-сон қарор билан республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш борасида мутлақо янги — яхлит ва манзилли ишлаш тизими жорий этилмоқда. Мазкур ҳужжат 2025-йилда бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган.
2025-йил тажрибаси – ижобий натижалар
Қарорда қайд этилишича, 2025-йилда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида маҳаллаларда жиноятчилик қарийб 1,5 бараварга камайган. Бу эса ижтимоий профилактика тизими тўғри йўналишда эканини кўрсатади. Эндиликда ушбу натижаларни мустаҳкамлаш ва барқарор тизимга айлантириш асосий вазифа этиб белгиланди.
Қарорнинг асосий мақсадлари
Янги қарор билан қуйидаги устувор йўналишлар белгилаб берилди:
- Манзилли профилактика орқали жиноятчиликни кескин камайтириш
Ҳар бир маҳалла кесимида криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, муаммо илдизига етиб бориш ва индивидуал профилактика чораларини қўллаш устувор вазифа этиб белгиланди.
- Аёллар ва ёшлар жиноятчилигини илмий асосда ўрганиш
Оила-турмуш муносабатлари доирасида юз бераётган жиноятлар сабабларини “илмий хулоса — тавсия — натижа” тамойили асосида ўрганиш ва амалий механизмлар ишлаб чиқиш назарда тутилган.
- Тезкор мурожаат ва электрон назорат тизими
Ноқонуний ҳолатлар бўйича мурожаатларга тезкор муносабат билдириш тизими яратилади. Замонавий ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологиялари кенг жорий этилади.
Маҳаллалар “номма-ном” бириктирилади
2026-йилда криминоген вазияти оғир маҳаллалар аниқ масъул раҳбар ва ташкилотларга бириктирилади. Эндиликда:
“Қизил” тоифадаги маҳаллалар — туман ва вилоят раҳбарлари зиммасига;
Узоқ йиллардан буён оғир аҳволдаги ҳудудлар — ҳуқуқ-тартибот идоралари ва илмий муассасаларга;
Аёллар жиноятчилиги юқори бўлган ҳудудлар — оила ва хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш ва адлия тизимига бириктирилади.
Бу ёндашув шахсий жавобгарликни кучайтириш ва “масъул — натижа” тамойилини қатъий жорий этишга хизмат қилади.
“Ижтимоий профилактика ҳафталиги” – янги амалий механизм
Қарорга илова сифатида тасдиқланган Низомга мувофиқ, маҳаллаларда мунтазам равишда “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” ўтказилади.
Ҳафталик доирасида:
- Ижтимоий профилактика обйектлари билан индивидуал ишлаш;
- Ишсизлик муаммосини ҳал қилиш бўйича меҳнат ярмаркалари;
- Ҳуқуқий маслаҳатлар ва сайёр қабуллар;
- Низоли оилалар билан манзилли ишлаш;
- Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тадбирлари;
“Маҳалла еттилиги” томонидан аниқ хулосалар шакллантириш ва ижрога йўналтириш каби комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ҳафталик якунлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилади.
Рақамли тизимлар жорий этилади
Ички ишлар вазирлигига бир қатор муҳим вазифалар юклатилди:
Фуқароларнинг мурожаатларини хизмат планшетлари орқали реал вақт режимида қабул қилиш;
“Менинг инспекторим” мобил иловасини ишлаб чиқиш;
“Е-ижтимоий профилактика” тизими доирасида “Е-низоли оила” модулини жорий этиш;
Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятини кенгайтириш.
Бу эса инсон омилига боғлиқ хатоларни камайтириш, шаффофликни ошириш ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун устуворлиги ва қатъий назорат
Қарор билан жиноятларни ҳисобдан яшириш, нотўғри малакалаш ёки мурожаатларни рўйхатга олмаслик ҳолатларига мутлақо барҳам бериш бўйича қатъий чоралар белгиланди. Ҳар бир даражадаги прокурор ва ички ишлар органлари раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклатилди.
Ҳар ой ва ҳар чорак якунида натижалар танқидий муҳокама қилинади ҳамда масъулларга нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий чора кўриш механизми жорий этилади.
Асосий тамойил: “Обод ва хавфсиз маҳалла”
Мазкур қарор маҳаллаларда хавфсизликни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зиммасига юклаш эмас, балки маҳалла, ҳокимлик, ижтимоий хизматлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги масъулиятини кучайтиришга қаратилган.
ПҚ-1-сон қарор билан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш янги босқичга кўтарилди. Эндиликда профилактика — жазодан олдинги асосий восита сифатида кўрилмоқда. Манзилли ишлаш, рақамли назорат, шахсий жавобгарлик ва жамоатчилик иштироки асосий устунларга айланмоқда.
Мазкур ҳужжат ижроси маҳаллаларда барқарор хавфсизликни таъминлаш, аҳоли розилигига эришиш ва жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамид АКМАЛОВ
Ўзбекистон Республикаси
Одил судлов академияси ходими,
Тошкент давлат юридик университети магистри