ИҚТИСОДИЙ ВА МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШДА ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАР
2026 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1165-сон Қонун билан муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
🔹 Иқтисодий судларнинг номланиши бирхиллаштирилмоқда
Иқтисодий процессуал кодекс ҳамда “Судлар тўғрисида”ги Қонундаги “туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари” деган атама “туманлараро иқтисодий судлар” деган ягона атама билан алмаштирилди.
Бу судлар тизимида ягона терминологияни шакллантиришга хизмат қилади.
🔹 Тадбиркорларга эктерриториал судлов имконияти кенгайтирилмоқда
Иқтисодий процессуал кодекснинг тегишли моддаларига киритилган ўзгартиришларга кўра, тарафларга қонунда белгиланган судловга тегишлилик қоидаларини ўзаро келишув асосида ўзгартириш, шу жумладан эктерриториал судловга тегишлиликни танлаш имконияти аниқ белгиланди.
Шунингдек, судловга тегишлилик тўғрисида келишув мавжуд бўлганда, даъво аризаси ёки аризани тегишли судга тақдим этиш тартиби такомиллаштирилди.
🔹 Судловга тегишлиликни аниқлашда автоматлаштирилган тизимдан фойдаланилади
Ишни кўрадиган судни автоматлаштирилган ахборот тизими орқали аниқлаш ва танлаш тартиби назарда тутилди.
Бу судга мурожаат қилиш жараёнининг шаффофлиги ва қулайлигини оширишга хизмат қилади.
🔹 Тўловга қобилиятсизлик ишларида талабларни кўриб чиқиш тартиби аниқлаштирилди
Агар жавобгарга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва унга нисбатан билдирилган талаб қонунга мувофиқ айнан шу иш доирасида кўрилиши лозим бўлса, бундай талабларни кўриб чиқишнинг махсус процессуал тартиби белгиланди.
Бу бир талабнинг алоҳида иқтисодий иш сифатида кўрилишининг олдини олишга хизмат қилади.
🔹 Иқтисодий судларга мурожаат қилиш янада қулайлашмоқда
Қонун билан судловга тегишлиликни аниқлаштириш, эктерриториал судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича талабларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган нормалар белгиланди.
⚖️ Асосий мақсад — тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий суд орқали ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш, судга мурожаат қилишни соддалаштириш ва иқтисодий суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш.
✍️Иқтисодий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири v.b., y.f.f.d., профессор v.b. R.Berdiyarov