1 117 НАФАР СУДЬЯ МУРАККАБ ТОИФАДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА МАЛАКА ОШИРДИ

14.11.2026 / 20:12
19
#

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси томонидан судьяларнинг касбий билим ва кўникмаларини мунтазам равишда такомиллаштириш, шунингдек, суд амалиётида юзага келаётган долзарб масалаларни тизимли ўрганиш мақсадида мураккаб тоифадаги 43 та мавзу бўйича онлайн малака ошириш курсларини ташкил этиш механизми жорий этилди.

Мазкур жараённи самарали ташкил этиш мақсадида махсус Телеграм-бот ишга туширилиб, у орқали рўйхатдан ўтган судьялар суд ихтисосликлари кесимида гуруҳларга ажратилди.

Малака ошириш курслари тасдиқланган ўқув дастури асосида 2026 йилнинг август–ноябрь ойлари давомида ўтказилди.

Ўқув машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Тошкент шаҳар судлари судьялари ҳамда Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилди.

Курслар доирасида қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар ва уларнинг ҳуқуқий мазмун-моҳияти, суд амалиёти таҳлили, мураккаб тоифадаги ишларни кўриш ва ҳал этишнинг ўзига хос жиҳатлари, суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳамда суд амалиётида қонунчилик нормаларини бир хилда қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур онлайн малака ошириш курслари судьяларнинг касбий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда таълим жараёнини ташкил этиш, уларнинг амалий фаолиятида учраётган мураккаб ва долзарб ҳуқуқий масалаларни аниқлаш, шунингдек, ўқув дастурлари мазмунини аниқланган эҳтиёжлар асосида такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ушбу ёндашув судьяларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, суд амалиётида қонунчилик нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш ҳамда одил судлов сифатини янада оширишга қаратилган.

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097