Умрини эл-юрт хизматига бахшида этган инсонлар доимо эъзоз ва эҳтиромга лойиқ

19.09.2026 / 19:32
12
#

Умрини эл-юрт хизматига бахшида этган инсонлар доимо эъзоз ва эҳтиромга лойиқ. Шу маънода, Наманган вилоятининг Уйчи туманида туғилган Ҳалима Муҳитдинова ҳам узоқ йиллар суд-ҳуқуқ тизимида самарали фаолият олиб борган, ўз ҳаётини халқ хизматига бағишлаган фидойилардан эди. Устознинг номини абадийлаштириш, унинг ибратли ҳаётини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш мақсадида Наманган шаҳрида Ҳалима Муҳитдинова таваллудининг 110 йиллигига бағишлаб тантанали тадбир ташкил этилди.

Президент Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар Ассоциацияси, Адлия вазирлиги раҳбарлари, шунингдек вилоятлардан келган суд фахрийлари иштирок этган хотира тадбири аввалида Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Ҳалима Муҳитдинова номидаги академик лицейда суд-ҳуқуқ фидойисининг ҳаёти йўли, амалга оширган эзгу ишларига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. У кишининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таълим даргоҳига Ҳалима Муҳитдинова бюсти ўрнатилиб, хотира музейи ташкил этилди. Тадбир аввалида меҳмонлар томонидан Ҳ.Муҳитдинова бюсти очилиб, пойига гуллар қўйилди. Шундан сўнг, иштирокчилар хотира музейида бўлиб, Ҳалима Муҳитдинова ҳаёти ва фаолиятига бағишланган экспонатлар, иш буюмлари билан танишдилар.

- Мен Ҳалима Муҳитдинова номидаги академик лицейда таълим олаётганимдан хурсандман, - дейди таълим муассасасининг 1-босқич ўқувчиси Мунзира Раҳматуллаева. Албатта, келажакда мазкур муассасани тамомлаб, Ҳалима Муҳитдинова каби фидойи ҳуқуқшунос бўлмоқчиман.

Шундан сўнг хотира тадбири Наманган вилояти мусиқали драма театрида давом этди. Сўзга чиққан суд тизими фахрийлари, меҳмонлар Ҳалима Муҳитдинованинг меҳнат фаолиятига тўхталиб, кўрсатган хизматлари, жасорат ва фидойиликлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Тадбир давомида Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Матонат маликаси” номли китоб ва шу номдаги ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Айниқса, суд-ҳуқуқ фидойисига бағишлаб саҳналаштирилган театр композицияси томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

- Бугун опамиз Ҳалима Муҳитдинованинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган эзгу ишлари кўриб, кўзимизга ёш келди, - дейди Ҳ. Муҳитдинованинг жияни Санобар Солиева. Дарҳақиқат, Ҳалима опа  ҳар қандай вазиятда ҳам касбига содиқ қолиб, халқ манфаатини биринчи даражага қўйган инсон бўлганлар. Бундай аёлнинг жияни эканимиздан фахрланамиз.

Тантанали тадбир давомида шунингдек, Ҳалима Муҳитдинова ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб куйланган “Адолат қуёши” номли қўшиқ премьераси ҳам бўлиб ўтди. Шу билан бирга ёзувчилар томонидан “Умр саодати” достон-поэмаси, “Меҳрнинг мангу қўшиғи” номли драма ёзилиб, газеталарла эълон қилингани айтилди. Айни шу ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ижодкорларга Наманган вилояти ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

- Бугунги ҳужжатли фильм ҳамда театр компазицияси орқали устоз ҳуқуқшунос Ҳалима Муҳитдинованинг Олий суд раиси сифатида амалга оширган ишлари, тизим ривожи йўлидаги жонбозликларига гувоҳ бўлдик, дейди Наманган вилояти суди судьяси Наргиза Аҳадова.

Албатта, бу каби тадбирлар Ҳалима Муҳитдинова каби фидойи инсонларнинг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг умр йўлини ёшларга ибрат қилиб кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга.

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097