Одил судлов академиясида амалий магистратура дастурининг илк ўқув йили бошланди

07.09.2026 / 14:23
28
#

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастурига қабул қилинган тингловчилар учун янги ўқув йилининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур амалий магистратура дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–141-сон Фармонига мувофиқ 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб илк бор йўлга қўйилди.

Фармон ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 июндаги 327-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича амалий магистратурага қабул жараёнлари ташкил этилди.

Қабул жараёнида my.edu.uz электрон платформаси орқали жами 872 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Уларнинг 699 нафарини ташқи, 173 нафарини эса ички абитуриентлар ташкил этди.

Ташқи абитуриентлар бакалавриат дипломи бўйича тўплаган балларининг ўртача кўрсаткичи кетма-кетлигига кўра сараланган бўлса, ички абитуриентлар мутахассислик фанлари ҳамда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат мавжуд бўлмаган ҳолларда чет тилидан тест синовлари орқали танловдан ўтказилди.

Танлов якунларига кўра, кундузги ва кечки таълим шаклларида таҳсил олиш учун жами 61 нафар талабгор амалий магистратурага қабул қилинди.

Янги ўқув йилининг очилиш тадбирида Одил судлов академияси ректори магистратурага қабул қилинган талабаларни янги босқич билан табриклаб, амалий магистратура дастурининг мақсад ва вазифалари, суд-ҳуқуқ соҳаси учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.

Шунингдек, Академия масъуллари томонидан ўқув жараёнининг ташкил этилиши, таълим дастурининг ўзига хос жиҳатлари, талабаларга яратилган шарт-шароит ва имкониятлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Тадбир доирасида янги қабул қилинган талабалар учун Академия бўйлаб таништирув экскурсияси ташкил этилди. Унда улар замонавий ўқув аудиториялари, Ахборот-ресурс маркази фаолияти, суд жараёнларини амалий тарзда ўрганишга мўлжалланган суд имитацияси хонаси, шунингдек, Pro Bono юридик клиникаси фаолияти ва бу ерда яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Амалий магистратура дастури доирасида дарс машғулотларини етук суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, тажрибали судьялар, етакчи ҳуқуқшунос олимлар ҳамда малакали мутахассислар иштирокида, назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштирган ҳолда ташкил этиш кўзда тутилган.

Тадбир якунида янги қабул қилинган талабалар иштирокида эсдалик фотосурати олинди.

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097