ОДИЛ СУДЛОВ АКАДЕМИЯСИ БИТИРУВЧИЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

05.04.2026 / 15:12
14
#

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг Касбий қайта тайёрлаш курси битирувчиларига тантанали сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Тошкент давлат юридик университети мажлислар залида ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар ассоциацияси, Аёл судьялар ассоциацияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари, битирувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросим давлат мадҳияси билан очилди. Тадбирда сўзга чиққан фахрий меҳмонлар томонидан сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида муҳим ижобий ўзгаришлар юз бераётгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–141-сонли Фармонига мувофиқ, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилиб, суд-ҳуқуқ тизими учун кадрлар тайёрлаш тизими мутлақо янги босқичга олиб чиқилгани қайд этилди.

2025/2026 ўқув йили учун ташкил этилган Касбий қайта тайёрлаш курсига 1016 нафар талабгор орасидан 164 нафар тингловчи қабул қилиниб, уларнинг 159 нафари дастурни муваффақиятли якунлади.

Битирувчиларнинг аксарияти суд, адвокатура, экспертиза ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият юритаётган амалиётчилардан иборат бўлди. Статистик маълумотларга кўра, битирувчиларнинг 77 фоизини эркаклар, 23 фоизини эса аёллар ташкил этди.