“Одил судлов - 2030”: суд тизимида янги босқич

20.08.2026 / 12:40
20
#

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган халқчил ва адолатли суд тизимини шакллантиришга қаратилган “Одил судлов - 2030” стратегияси тасдиқланди.

Стратегия 6 та устувор йўналишга таянади: “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф”.
📌 Стратегияда нималар ўзгаради?
🔹 Одил судловдан фойдаланиш имконияти кенгаяди.
2027 йил 1 июлдан айрим суд қарорларини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳудудлараро судлар ташкил этилади.
🔹 Судлар фуқароларга янада яқинлашади.
2027–2030 йилларда аҳоли сони, судларнинг иш юкламаси ва олис ҳудудларда яшовчи фуқаролар манфаатларидан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган.
🔹 Тергов устидан суд назорати кучайтирилади.
2027 йил 1 июлдан тергов судьяларига шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, унга нисбатан гумон ёки айблов қўйиш учун асослар етарлилигини текшириш бўйича қўшимча ваколатлар берилади.
🔹 Суд амалиётида бир хил ёндашув таъминланади.
Олий суд Президиумининг ягона суд амалиётини шакллантирувчи қарорларини очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
🔹 “Рақамли одил судлов” янада ривожлантирилади.
2027 йил якунига қадар my.sud.uz портали такомиллаштирилиб, янги мобил илова ишга туширилади. Процессуал ҳужжатларни тайёрлаш соддалаштирилади, суд ҳужжатларини излаш имкониятлари кенгайтирилади.
🔹 Суд маъмурчилигида янги ёндашув жорий этилади.
2028 йилдан иқтисодий ишларни “проактив бошқариш” стандарти татбиқ этилади. Бу ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш, иқтисодий низоларни тезкор ва адолатли ҳал этиш ҳамда суд ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


✔️Замонавий суд тизимининг мезони - фақат қабул қилинган қарорлар сони эмас. Унинг асосий мезони - инсон судга мурожаат қилганда адолат қарор топишига ишонч ҳосил қилиши.

✍️ Магистратура факультети декани, юридик фанлари доктори, профессор Л. Ачилова

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097