“Миллий мулоқот”: суд тизими ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

28.08.2026 / 17:02
22
#

2026 йил 27 август куни Тошкент шаҳрида суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, журналистлар ва блогерлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган “Миллий мулоқот” тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда ЮНEСКОнинг Ўзбекистонда судьялар ва прокурорлар салоҳиятини ошириш дастури доирасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар муҳокама қилинди.

Очилиш маросимида ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, СДС раҳбарининг ўринбосари Урсула Келлер Алазавви, Одил судлов академияси ректори Шерзод Абдуқодиров сўзга чиқиб, мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидладилар.

Хусусан, Академия ректори Шерзод Абдуқодиров ўз нутқида, ЮНEСКО билан ҳамкорликдаги лойиҳалар судьялар ва ҳуқуқ соҳаси вакилларининг сўз эркинлиги, ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи, журналистлар билан самарали мулоқот ҳамда халқаро стандартларни суд амалиётида қўллаш бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, 2025–2026 йилларда Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида 310 нафар судья ва профессор-ўқитувчи учун тренинглар ўтказилиб, судьялар учун сўз эркинлиги ва ахборотга эга бўлиш масалаларига бағишланган махсус ўқув модули ишлаб чиқилди.

Тадбирда, шунингдек, журналистлар хавфсизлиги, сунъий интеллект ва қонун устуворлиги масалалари юзасидан фикр алмашилиб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097