ЛОНДОНДА ЎЗБEКИСТОН ОЛИЙ СУДИНИНГ СИФоССга АЪЗОЛИГИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

26.11.2026 / 20:31
14
#

Олий суд раиси Робахон Маҳмудова ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова бошчилигидаги делегация Буюк Британияда амалий ташриф билан бўлди

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Тижорат судларининг доимий халқаро форуми (СИФоСС)га аъзолиги эълон қилинишига бағишланган маросим ташрифнинг марказий тадбири бўлди.

Ташриф давомида Буюк Британия суд-ҳуқуқ тизимининг нуфузли вакиллари ҳамда халқаро профессионал тузилмалар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, СИФоСС Бошқарув гуруҳи раиси Ж. Вос ва ташкилотнинг кундалик фаолияти учун масъул судья Р. Ноулз, Англия ва Уэлс судлари раҳбари С. Карр, Одил судлов мактаби раиси Н. Грин ҳамда Халқаро низоларни ҳал этиш маркази ижрочи директори Д. Хикман билан мулоқотлар бўлиб ўтди.

Учрашувларда сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини ошириш ва судьялар ҳамжамиятининг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ва бир қатор нуфузли халқаро ҳамда Буюк Британиянинг касбий-ҳуқуқий тузилмалари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Халқаро маслаҳат ва низоларни ҳал этиш бўлими (ИАДРУ), Халқаро адвокатлар ассоциацияси (ИБА), Тижорат низолари бўйича юристлар форуми (СЛФ) ҳамда Англия ва Уэлс адвокатлар кенгаши вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида низоларни муқобил ҳал этиш механизмларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, халқаро тижорат низоларини самарали ҳал этиш, адвокатуранинг ролини кучайтириш, шунингдек, суд фаолиятига илғор ахборот технологияларини жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар томонидан ўз ташкилотларининг фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар, тўпланган амалий тажриба ҳамда келгусидаги ташаббусларга бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Ташриф дастуридан, шунингдек, суд жараёнларини ташкил этиш ва суд ишларини бошқариш, арбитраж ва медиация, шунингдек, суд ишларини юритишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган семинарлар ҳам ўрин олди.

Лондон учрашувлари Ўзбекистон суд тизимининг халқаро профессионал мулоқотдаги иштирокини кенгайтириш, хорижий суд-ҳуқуқ институтлари билан ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Делегация таркибида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси илмий, инновациялар ва ахборот-таҳлилий ишлар бўйича проректори Нодирбек Салаев ҳам иштирок этди.

Шунингдек, ташриф доирасида Буюк Британия Одил судлов мактаби раҳбарияти ва вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Унда суд-ҳуқуқ таълими соҳасида, хусусан, кадрлар тайёрлаш, судьялар ва суд тизими мутахассисларининг касбий малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Мазкур ташриф Одил судлов академияси учун ҳам халқаро суд-ҳуқуқ таълими ва экспертлик алоқаларини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда уни миллий суд-ҳуқуқ таълими жараёнига татбиқ этиш нуқтайи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097