Академияда янги тайинловлар ҳамда мўътабар устозга юксак эҳтиром
Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида муҳим ташкилий ва маънавий аҳамиятга эга тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Академиянинг Ўқув-услубий ишлар бўйича проректори, Илмий, инновациялар ва ахборот-таҳлилий ишлар бўйича проректори, шунингдек Матбуот котиби лавозимларига тайинланган масъуллар Академия жамоасига расмий равишда таништирилди.
Шундан сўнг тадбир илмий ва маънавий муҳитда давом эттирилиб, ўзининг 60 йиллик муборак таваллудини қарши олган, кўплаб шогирдлар етиштирган, миллий юридик фан ривожига залворли ҳисса қўшган устоз Насриев Илҳом Исмаиловични қутлаш маросими бўлиб ўтди.
Юбилей муносабати билан давлат идоралари ва ташкилотлар вакиллари, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда жамоа аъзолари томонидан Илҳом Исмаиловичга самимий табриклар ва илиқ тилаклар билдирилди. Устознинг кўп йиллик меҳнат фаолияти, илмий ва педагогик хизматлари юксак эътироф этилиб, чуқур миннатдорчилик изҳор этилди.
Табрик сўзларида унинг ҳуқуқ илми, қонун устуворлиги ва адолатли судлов ғояларига бағишланган сермазмун ҳаёт йўли, фуқаролик ҳуқуқи, шахсий номулкий ва муаллифлик ҳуқуқи ҳамда ҳуқуқий сиёсат соҳаларидаги фундаментал тадқиқотлари миллий юридик фан тараққиётида муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Илҳом Исмаиловичнинг судьялик ва қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти, айни пайтда Одил судлов академиясида Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири ҳамда Илмий кенгаш раиси сифатидаги самарали меҳнати бўлажак судьялар ва ёш олимлар учун ҳақиқий устозлик мактаби экани қайд этилди.
Тадбир якунида устозга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва илмий-педагогик фаолиятда янги ютуқлар тилак қилинди.
Boshqa yangiliklar
-
Тайинлов
-
Одил судлов академияси тингловчилари Миллий кутубхонада!
-
Одил судлов академияси расман фаолият бошлади Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
-
Судялар мустақиллигини амалда таъминлаш - давр талаби
-
2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”: ислоҳотларнинг янги босқичи