Адолат йўлида янги қадам: Ўзбекистонда Аёл судялар ассотсиатсияси ташкил этилди

05.03.2026 / 20:39
23
#

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши томонидан “10 март – Халқаро аёл судялар куни” ҳамда Ўзбекистон суд тизими тарихида илк бор Аёл судялар ассотсиатсияси ташкил этилганлиги муносабати билан тантанали байрам тадбири, шунингдек “Одил судловни амалга оширишда аёл судялар ўрни” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.

Меҳр-оқибат, садоқат ва эзгулик манбаи бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни асраб-авайлаш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ҳозирги пайтда суд тизимида 246 нафар аёл судя одил судловни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

2026-йил 27-феврал куни Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан мамлакатимизда илк бор Аёл судялар ассотсиатсияси ташкил этилди ва тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад – суд тизимида аёл судяларнинг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, бу борада гендер тенгликни таъминлаш орқали одил судлов самарадорлигини янада юксалтириш ҳисобланади.

“Одил судловни амалга оширишда аёл судялар ўрни” мавзусидаги халқаро конференцияда бир қатор хорижий давлатлар, хусусан Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжоннинг Халқаро аёл судялар ассотсиатсиялари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда суд-ҳуқуқ тизимида аёл судяларнинг ўрни ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш, бу борада илғор хорижий амалиётни таҳлил қилиш, тажриба алмашиш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда одил судловни самарали амалга ошириш масалалари миллий ва халқаро экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Халқаро экспертлар фаолияти энди бошланаётган Ўзбекистон Аёл судялар ассотсиатсияси адолат ва қонун устуворлигига содиқ ҳолда жамият ишончига муносиб хизмат қилиш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда суд ҳокимияти нуфузини юксалтириш йўлида изчил фаолият олиб боришига ишонч билдирди.