ОДИЛ СУДЛОВ АКАДEМИЯСИ РEКТОРИНИНГ ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МУРОЖААТИ
Ҳурматли профессор-ўқитувчилар!
Азиз тингловчилар ва магистрантлар!
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида 2026–2027 ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан барчангизни, Академия жамоасининг ҳар бир аъзосини самимий муборакбод этаман!
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, судларнинг мустақиллиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу ислоҳотларнинг самараси, энг аввало, суд-ҳуқуқ тизимида фаолият юритадиган кадрларнинг билими, касбий маҳорати ва маънавий фазилатларига боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–141-сон Фармони асосида ташкил этилган Одил судлов академияси судьяликка номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш масканидир.
Бу йилги қабул натижалари Академияга бўлган ишонч ва қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатди. Касбий қайта тайёрлаш курсларига 849 нафар талабгор ҳужжат топширган бўлса, улар орасидан белгиланган мезонлар асосида 112 нафар номзод саралаб олинди. Магистратурага эса 872 нафар талабгордан 61 нафари қабул қилинди. Магистратура дастурининг Академия тарихида илк бор йўлга қўйилгани биз учун алоҳида фахр ва катта масъулиятдир.
Азиз тингловчилар ва магистрантлар!
Сиз кучли рақобатдан ўтиб, сараланганлар қаторидан жой олдингиз. Бу – билимингиз ва меҳнатингизнинг эътирофи, айни пайтда жамият олдидаги улкан масъулиятнинг бошланишидир. Эртага сизнинг қарорларингизга инсон тақдири, оилалар осойишталиги ва жамиятнинг адолатга бўлган ишончи боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳар бир дарс, ҳар бир амалий машғулот ва суд жараёни симуляциясига келажакдаги касбий фаолиятингизнинг пойдевори сифатида қаранг.
Биз сиздан фақат диплом эмас, балки мустақил фикрлайдиган, қонунни чуқур биладиган ва адолатли қарор қабул қилиш масъулиятини ҳис этадиган мутахассис бўлиб етишишингизни кутамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 14 августдаги ПФ–160-сон Фармони билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030” стратегияси олдимизга янада юксак вазифаларни қўймоқда. Стратегияда “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби устувор йўналишлар белгиланди. Академияни халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида ривожлантириш, суд кадрларини тайёрлашнинг узлуксиз тизимини — магистратура, қайта тайёрлаш, амалиёт, баҳолаш ва доимий малака ошириш занжирини йўлга қўйиш вазифаси бевосита бизнинг зиммамиздадир.
Шу мақсадда янги ўқув йилида асосий эътиборимизни қуйидаги йўналишларга қаратамиз:
➖ ўқув жараёнини амалиётга янада яқинлаштириш, суд жараёнлари симуляцияси ҳамда тажрибали судьялар иштирокидаги амалий машғулотлар улушини ошириш;
➖ рақамли технологиялар ва сунъий интеллект воситаларини таълим жараёнига босқичма-босқич жорий этиш;
➖ илмий фаолиятни кучайтириш, суд амалиётига доир диссертация тадқиқотлари ва илмий-амалий изланишларни қўллаб-қувватлаш;
➖ хорижий судьялар тайёрлаш муассасалари ва нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш;
➖ “Про Боно” юридик клиникаси фаолиятини ривожлантириш орқали тингловчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни давом эттириш.
Судья учун чуқур билим қанчалик муҳим бўлса, ҳалоллик, холислик ва поклик ҳам шунчалик зарур. Коррупцияга нисбатан муросасизлик, касб одоби ва судья шаънига садоқат Академиямизда таълим-тарбиянинг ажралмас қисми бўлиб қолади.
Қадрли профессор-ўқитувчилар!
Тингловчиларимиз эртага қандай мутахассис бўлиб етишиши кўп жиҳатдан сизнинг билимингиз, тажрибангиз ва шахсий ибратингизга боғлиқ. Ишонаманки, янги ўқув йилида ҳам ўз салоҳиятингизни намоён этиб, ҳар бир машғулотни мазмунли ва самарали ташкил этасиз.
Барчангизни янги ўқув йили бошлангани билан яна бир бор самимий табриклайман. Ўқиш ва изланишларингиз юксак натижалар билан якунлансин, келажакдаги фаолиятингиз адолат ва қонун устуворлигига хизмат қилсин!
Ўзбекистон Республика Одил судлов академияси
ректори Sh.Y. Абдуқодиров
Boshqa yangiliklar