Иқтисодий низоларни муқобил ҳал этиш усуллари муҳокама қилинди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида “Иқтисодий низоларни муқобил ҳал этиш усуллари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Хитойдан соҳа экспертлари, халқаро арбитраж ва медиация мутахассислари, адвокатлар, олимлар ҳамда судьялар иштирок этди.
Конференцияда иқтисодий низоларни медиация ва арбитраж орқали ҳал этиш, судгача низоларни бартараф этиш механизмлари, медиатив келишувларни ижрога қаратиш, рақамли медиациянинг имкониятлари ва ҳуқуқий хавфлари, шунингдек, трансчегаравий тижорат низоларида медиациядан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан хорижий давлатларнинг медиация соҳасидаги илғор тажрибаси, иқтисодий низоларни судгача ҳал этишнинг самарали усуллари ҳамда низоларни муқобил ҳал этишнинг замонавий механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Конференцияда билдирилган фикр ва таклифлар иқтисодий низоларни тезкор ва самарали ҳал этиш, медиация ва арбитраж институтларини ривожлантириш, судлар иш юкламасини камайтириш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Boshqa yangiliklar