Одил судлов акадeмияси олдидаги янги стратeгик вазифалар: коррупцияга қарши курашнинг таълим модели

11.06.2026 / 12:52
21
#

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 8 июндаги “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш йўлидаги навбатдаги тарихий қадам бўлди. Ушбу ҳужжат суд тизимида коррупцияга қарши курашни тубдан янги поғонага кўтарувчи, суд тизимида коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича халқаро андозаларга мос тизимни жорий этишни кўзлаган стратегик ислоҳотдир, десак муболаға бўлмайди.

Фармонда белгиланган устувор вазифалар ичида Одил судлов академияси зиммасига юклатилган вазифалар алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, суд тизимида коррупцияга қарши самарали тизим яратишда назорат механизмлари билан бир қаторда, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ҳалол ва ташқи таъсирларга бардошли судьялар корпусини шакллантириш ҳамда бу маданиятни институтлаштириш талаб этилади. Айнан Одил судлов академияси ушбу стратегик вазифани ҳаётга татбиқ этувчи асосий тузилма сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон 2016 йилдан бошлаб суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли трансформацияни амалга ошириб келмоқда. Бу йўлда қабул қилинган ҳар бир ҳужжат кейингисининг пойдеворини яратди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам бу масалага алоҳида урғу берилди:

“Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид” деб таърифланган бу иллатга қарши 2026 йил “фавқулодда ҳолат” деб эълон қилинди.

Мазкур фармон соҳадаги изчил ва тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Ҳужжат суд тизимидаги коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал механизмини яратиш, шаффоф кадрлар сиёсатини йўлга қўйиш ҳамда суд ҳокимиятига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйган.

Ўз моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган стратегик ислоҳотларнинг ажралмас қисмидир. Унда, бир томондан, Комплаенс назорат хизматини ташкил этиш, суд аппаратида шаффоф кадрлар сиёсатини юритиш, “vacancy.sud.uz” ва “SudHR” платформаларини амалиётга жорий қилиш ҳамда манфаатлар тўқнашувини мониторинг қилиш тизимларини ўрнатиш кўзда тутилган бўлса, иккинчи томондан, Одил судлов академияси орқали кадрлар тайёрлаш сифатини мутлақо янги босқичга кўтариш белгиланмоқда. Мазкур икки йўналиш тизимда бир-бирини тўлдирувчи ва кучайтирувчи синергетик таъсирга эга.

Шундан келиб чиқиб, фармон Одил судлов академияси зиммасига бир нечта стратегик йўналишлардаги муҳим вазифаларни юклайди.

Биринчи йўналиш – коррупцияга қарши барқарорлик даражаси диагностикаси. Академия ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази билан биргаликда 2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик даражасини комплекс диагностикадан ўтказиш белгиланган. Бу шунчаки текширув эмас, тизимнинг ҳозирги ҳолатини илмий асосда баҳолаш, хавф манбаларини аниқлаш ва профилактик чоралар ишлаб чиқиш демакдир.

Иккинчи йўналиш – бўлажак судьяларнинг билими ва маънавий қиёфасини баҳолашнинг янги тизими. Бундан буён судьяликка номзодларни тайёрлаш жараёнида уларнинг шахсий профессионал хусусиятлари ва коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш амалиёти жорий этилади. Бу механизм номзоднинг ҳуқуқий билимидан ташқари, унинг ҳалоллик даражасини, ахлоқий позициясини ва ноқонуний ҳаракатларга қарши тура олиш қобилиятини ҳам баҳолайди. Натижада, суд ҳокимиятига коррупциявий хавфларга қарши иммунитетга эга кадрларнинг кириб келиш эҳтимоли сезиларли даражада ортишига асос бўлади.

Учинчи йўналиш – “реал кейслар”га асосланган ўқув модули.

2026 йилнинг сентябрига қадар Академияда манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг бошқа кўринишларини олдини олишга қаратилган ўқув-амалий модуль жорий этилиши белгиланган. Бу модулда тингловчилар амалиётда дуч келадиган мураккаб вазиятларни таҳлил қилиш, хавфларни аниқлаш ва қонуний ечимларни ишлаб чиқиш кўникмаларини ҳосил қилади. Назарий билимлар асосига қурилган амалий иммунитетни шакллантириш ана шу модулнинг асосий мақсади саналади.

Тўртинчи йўналиш – ички хавфсизлик назорати хизматини ташкил этиш. Фармонда Одил судлов академиясида 2026 йил 1 сентябрга қадар мавжуд бошқарув штат бирликлари ҳисобидан ички хавфсизлик назорати хизматини тузиш вазифаси белгиланган. Коррупцияга қарши курашдан сабоқ берувчи масканнинг ўзи биринчи навбатда ушбу тамойилларга қатъий риоя этиши лозим. Бу тизимнинг шаффофлиги, Академиянинг институционал нуфузи ва унга бўлган ижтимоий ишончнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Бешинчи йўналиш – халқаро стандарт бўйича аудит.

2027 йил 1 июнга қадар Академияни ISO 37001 – коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими халқаро стандарти бўйича аудитдан ўтказиш вазифаси белгиланган. Бу мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини халқаро майдонда тан олинган илғор амалиётларга мослаштириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Олтинчи йўналиш – узлуксиз малака ошириш. Судьялар олий кенгаши Олий суд ва Академия билан биргаликда судьялар ва суд аппарати ходимларининг ҳар уч йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув курсларида малакасини ошириш тизимини жорий этади. Бу коррупцияга қарши курашни бир марталик тадбир эмас, балки узлуксиз жараёнга айлантиради.

Фармонда қайд этилган мазкур вазифалар Одил судлов академияси зиммасига улкан масъулият юклайди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари Одил судлов академиясига суд тизимини юксак маънавиятга, чуқур билим ва кўникмага эга бўлган муносиб кадрлар билан шакллантириш миссиясини ишониб топширмоқда. Коррупцияга қарши курашнинг ҳақиқий меваси фақатгина назорат ва жазолаш орқали эмас, балки тўғри тарбияланган, мустаҳкам касбий иммунитетга эга судьялар орқали эришилади ва бу вазифани амалга оширишда Академиянинг ўрни ва масъулияти алоҳида аҳамият касб этади.

Шу боис фармоннинг ижроси Академия жамоасидан жиддий тайёргарлик, методологик изланиш ва профессионал ёндашувни талаб этади. Бу борада Академияда тингловчиларни белгиланган тартибда диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилади, янги ўқув дастурлари ишлаб чиқилади, ички хавфсизлик назорати тизими йўлга қўйилади, халқаро стандартларга мувофиқлик таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони Одил судлов академияси учун тарихий аҳамият касб этади. Ҳужжат Академияга диагностика, таълим, назорат ва халқаро стандартлаштириш йўналишларида аниқ ва муддатли вазифалар юкламоқда. Ушбу вазифаларнинг туб моҳияти ва ҳал қилувчи аҳамияти шундаки, улар суд тизимининг маънавий-ахлоқий пойдеворини тубдан мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Академия жамоаси мазкур Фармон ижросини юксак масъулият ва қатъият билан қабул қилмоқда.

Бизга билдирилган юксак ишончни тўлиқ оқлаш, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган стратегик ислоҳотлар муваффақиятига сидқидилдан ҳисса қўшиш ҳамда мамлакатимизда адолатли одил судлов тизимини қарор топтириш олий ва муқаддас мақсадимиздир.

Шерзод Абдуқодиров,

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори