Коррупцияга қарши курашиш: янги босқич, янги ҳуқуқий нормалар таҳлили
Коррупцияга қарши курашиш замонавий давлатчиликнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланиб, бу – ҳуқуқий тартиб-таомилларнинг доимий такомиллаштирилиб борилишини тақозо этади.
Коррупцияга қарши курашиш замонавий давлатчиликнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланиб, бу – ҳуқуқий тартиб-таомилларнинг доимий такомиллаштирилиб борилишини тақозо этади.
Шу боис Ўзбекистон тараққиётининг сифат жиҳатидан мутлақо янги бир босқичи бошлангач, шиддатли тус олган янги демократик ислоҳотлар жараёнида коррупцияга қарши курашиш тизими ҳам тубдан янгиланди.
Айниқса, унинг ҳуқуқий асосларини янги жамият талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга қаратилган амалий ишлар янги босқичга кўтарилди ва миллий қонунчилик тарихида илк бор “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (2017 йил 3 январь) қабул қилинди.
2026 йил 9 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса, бу борадаги ниҳоятда муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири сифатида мамлакатимиз одил судлов тизимида коррупцияга қарши курашишнинг янги замонавий ҳуқуқий механизмларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган янги концептуал ғоя ва йўналишларни белгилаб берди...
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси 2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик ва чидамлилик, иммунитет шаклланган даражасини тўлиқ диагностикадан ўтказиш вазифаси назарда тутилди.
Бугунги кунда ушбу муҳим вазифанинг ижросини самарали таъминлаш мақсадида Одил судлов академиясида соҳани чуқур биладиган мутахассислар жалб қилиниб, бу борадаги миллий ва хорижий тажриба қиёсий таҳлили асосида тегишли “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, судьялар, судлар аппарати ходимларининг коррупцияга қарши барқарорлик ва чидамлилик даражасини диагностикадан ўтказиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Ўрни келганда, 2026 йил 22 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1155-сон Қонуни ва унда белгиланган ҳуқуқий нормалар, уларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.
Аввало алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун ўз моҳиятига кўра комплекс характерга эга бўлиб, бир қатор тармоқ қонунларига бир вақтнинг ўзида ўзгартишлар киритилганлигини назарда тутади.
Қонуннинг энг асосий ҳуқуқий таъсири, ўрни ва роли қуйидагиларда ўзининг ифодасини топади:
биринчи марта “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига Жиноят кодексида аниқ кодификация қилинди;
давлат органлари комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқали ташкил этилди; электрон реестр орқали коррупцияга оид жиноятда айбдор деб топилган шахсларни ҳисобга олиш механизми жорий қилинди;
ёшлар тарбиясида ва таълим тизимида коррупцияга муросасизлик мафкурасини шакллантириш мажбурий тарзда белгиланди, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилиб, коррупция жиноятлари таркиби кенгайтирилиб, жазо чораларини кучайтирилди.
Қонунга кўра, жиноий жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалга оширишнинг конкрет воситаси сифатида ва ягона тартибда кучайтирилган жавобгарликни белгилаш мақсадида эндиликда:
ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик (Жиноят кодекси 167-модда) ва фирибгарлик (Жиноят кодекси 168-модда) учун ҳукм қилинган ва содир этган жиноятни туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахсларга;
такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд жуда кўп миқдорда: пора олиш (Жиноят кодекси 210-модда), пора бериш (Жиноят кодекси 211-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш (Жиноят кодекси 212-модда) жиноятини содир этган шахсларга нисбатан суд томонидан тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши қўлланилмаслиги ва бу турдаги жиноятларни содир этган шахслар жазони охиригача ўташи белгиланди.
Шунингдек, Жиноят кодекси 167-моддага киритилган ўзгартиришлар жиноятнинг квалификация белгиларини тизимлаштириш хусусиятига эга бўлиб, иккинчи қисм диспозицияси мазмунан янгиланиб “в“ банди “бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса“ деб белгиланди, учинчи қисм диспозициясига эса “д“ банди қўшилиб “мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса“ банди билан оғирлаштирувчи қисм сифатида тўлдирилди.
Жиноят кодекси 168-моддага жуда муҳим ўзгартириш киритилди: учинчи қисм диспозициясига “в“ банд “ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса“ деган таркиб этиб белгиланди, тўртинчи қисм диспозициясига эса “г“ банди “хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса“ белгиси билан оғирлаштирувчи қисм сифатида тўлдирилди.
Санкция жиҳатидан эса Жиноят кодекси 168-моддага “муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда“ деган сўзлар учинчи қисм санкциясидан чиқариб ташланди, тўртинчи қисм санкциясига эса “жарима ёки” деган сўзлардан кейин “муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда” деган сўзлар қўшилди. Бу санкция тизимини мантиқийлаштиради ва суднинг жазо тайинлашдаги одиллик мезонини таъминлайди.
Шунингдек, коррупция жиноятлар тури учун назарда тутилган нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (19210-модда), давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (Жиноят кодекси 213-модда) ва давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (Жиноят кодекси 214-модда) жиноятлари санкциясига муҳим ўзгартиш киритилиб, моддалар санкцияларидаги жазо турларига “бир йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш” деган жазо тури қўшилди.
Жиноят ҳуқуқи назарияси нуқтаи назаридан санкцияни кенгайтириш суднинг индивидуаллаштириш принципини амалга оширишини осонлаштиради. Олдин фақат жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган бўлса, энди суд айбдорнинг шахси, айбнинг оғирлиги ва вазиятга қараб озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳам тайинлаши мумкин.
Шунингдек, нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодекси 19211-модда), ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодекси 205-модда), ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (Жиноят кодекси 206-модда), ҳокимият ҳаракатсизлиги (Жиноят кодекси 208-модда), мансаб сохтакорлиги (Жиноят кодекси 209-модда) ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги (Жиноят кодекси 301-модда) жиноятларида “ғаразгўйлик ниятларида содир этилган бўлса” белгиси билан оғирлаштирувчи қисм сифатида тўлдирилди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими “Коррупцияга оид жиноятлар” деб номланган атама билан тўлдирилди. Мазкур атамага мувофиқ, коррупцияга оид жиноятларга Жиноят Кодекси 167-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида, 168-моддаси тўртинчи қисмининг «г» бандида, 1929, 19210-моддаларида, 19211-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 205-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 206-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 208-моддасининг иккинчи қисмида, 209-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 210, 211, 212, 213, 214, 2141, 2142-моддаларида ва 301-моддаси иккинчи қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятлар ва Жиноят кодекснинг 243-моддасида назарда тутилган жиноят, агар мазкур жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса коррупциявий жиноят эканлиги белгиланди.
Бу ўзгартириш фундаментал доктринал аҳамиятга эга. Ушбу кодификациядан олдин “коррупцияга оид жиноят” тушунчаси фақат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган эди, лекин Жиноят кодексида аниқ рўйхат белгиланмаган эди. Бу эса суд амалиётида турлича талқинларга олиб келарди. Энди қонун мустақил коррупция жиноятларини аниқ белгилайди, бу эса жиноятни квалификация қилишда бирхилликни таъминлайди, судланганлик муддатини ҳисоблашда аниқлик киритади, электрон реестр механизмининг аниқ ҳуқуқий асосини яратади ва халқаро ҳамкорлик (экстрадиция, ҳуқуқий ёрдам) соҳасида фойдаланиш имкониятини беради.
Шунингдек, янги норма коррупцияга оид жиноятлар тўғрисида хабар берувчи шахсларни ҳимоя қилиш учун хавфсизлик чораларини қўллаш асосларини қонуний тартибга солишни алоҳида қонун даражасига кўтаради. Бу ўзгартириш коррупцияга оид жиноятлар тўғрисида хабар берувчи шахсларни ҳимоя қилиш тизимини жиноят-процессуал ҳуқуқ доирасида мустаҳкамлашнинг зарур қадамидир. Хабар берувчиларни ҳимоя қилиш Transparency International ва БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси томонидан стандарт талаб сифатида белгиланган.
Маълумки, давлат харидлари соҳасида коррупциявий ҳолатлар нархни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш орқали амалга оширилиши кузатилиши мумкин. Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритилиб, давлат харидларида коррупциявий бузилишларни олдини олиш мақсадида алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Мазкур норма нарх тафовути мезонини маъмурий жавобгарлик учун аниқ асос сифатида белгилайди ва бу давлат харидларида шаффофликни таъминлашнинг самарали воситасига айланади.
2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида“ги Қонунга бир қатор муҳим ўзгартишлар киритилган бўлиб, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши таркиби ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги қоидалар белгиланган, давлат органлари ва ташкилотлар ҳузурида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларини ташкил этиш, коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартиби, коррупцияда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри, ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга нисбатан хавфсизлик кафолатлари ва рағбатлантириш чоралари каби масалалар ҳал қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун Ўзбекистон коррупцияга қарши қонунчилиги тарихидаги энг кенг кўламли мажмуавий ислоҳот ҳисобланади. Унинг асосий ижобий томонлари ўзаро зиддиятли нормалар хавфини камайтиради, коррупцияга оид жиноятларни аниқ кодификация қилиш орқали ягона суд амалиёти юритилишини таъминлайди, давлат органларида комплаенс тузилмаларини жорий этиш ички назоратнинг мустақил механизмини яратади ва коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлайди.
Шерзод Абдуқодиров,
Ўзбекистон Республикаси
Одил судлов академияси ректори,
Юридик фанлар доктори.
Boshqa yangiliklar
-
Академия ходималари нуфузли халқаро тренингда иштирок этди
-
Одил судлов академиясида медиатсия институтини ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди
-
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги юридик кадрлари учун то'лов асосида малака ошириш курслари бошланди
-
ХАЛҚАРО ЮРИСТЛАР КОМИССИЯСИ (ИCЖ) ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
-
МАГИСТРАТУРАГА ҚАБУЛ БОШЛАНМОҚДА