ХАЛҚАРО ЎҚУВ КУРСИ ЯКУНЛАНДИ

04.11.2026 / 17:34
24
#

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида 2026 йил 2–4 ноябрь кунлари “Одил судловда янги авлод: сунъий интеллект, рақамли ишонч ва суд тизимларининг кибербарқарорлиги” мавзусида ташкил этилган халқаро ўқув курси бугун якунланди.

📄 Уч кун давомида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон суд тизимлари вакиллари, амалдаги судьялар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида долзарб мавзулар юзасидан маърузалар, амалий машғулотлар ва муҳокамалар ўтказилди.

📚 Ўқув курси давомида рақамли далилларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, даркнет ва рақамли криминалистика, блокчейн технологиялари ҳамда криптоактивларнинг ҳуқуқий жиҳатлари, кибержиноятчиликка қарши кураш, сунъий интеллект ривожланиши шароитида киберхавфсизликни таъминлаш, шунингдек, одил судлов тизимида сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

🤝 Тадбирнинг якуний қисмида ўқув курсида фаол иштирок этган қатнашчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

    Якуний учрашув давомида халқаро иштирокчилар ўқув курси мазмунан бой ва амалий жиҳатдан фойдали бўлганини алоҳида таъкидладилар. Улар машғулотлар давомида янги билим ва тажрибалар орттирганликлари, турли мамлакатлар суд тизимлари вакиллари билан фикр алмашиш ҳамда касбий алоқаларни мустаҳкамлаш имконига эга бўлганликларини билдирдилар.

⏺ Шунингдек, меҳмонлар халқаро ўқув курси юқори савияда ташкил этилгани учун Одил судлов академияси раҳбарияти ҳамда ташкилотчиларига ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.

💬 Мазкур халқаро ўқув курси суд-ҳуқуқ соҳасида рақамли трансформация жараёнларини чуқур англаш, илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097