Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-256-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга асосан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб:
Зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилиши белгиланди.
Зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:
Зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.
Болаларга нисбатан уларнинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этиши белгиланди.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўровонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши белгиланди.
2026 йил 1 мартдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) учун “Меҳрли оила” хизмати ташкил этилади.
“Меҳрли оила” хизматига жалб қилинган ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)га фарзандларининг психофизик хусусиятларини инобатга олган ҳолда оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун “оилавий терапия” хизматлари бепул кўрсатилиши белгилаб берилди.