Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси фаолиятида коррупциявий омилларни бартараф қилиш, шунингдек касбий қайта тайёрлаш курсига номзодлар, судьялар ва суд аппарати ходимларининг коррупцияга муросасизлигини таъминлаш юзасидан муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

  1. Академия фаолиятида коррупциявий омилларни бартараф қилиш бўйича:
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–141-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Одил судлов фаолиятини ташкил этишнинг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Академия кенгаши ташкил этилди. Кенгаш таркибига Академия ходимлари билан биргаликда бошқа таълим ва юридик соҳалардаги етакчи олимлар ва мутахассислар ҳам киритилган.
    Кенгашнинг асосий ваколатларига:
    (а) Академияда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув режалари, дастурлари ва малакавий талабларни Судьялар олий кенгаши ва Олий суд билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;
    (б) профессор-ўқитувчилар таркибининг меҳнатини меъёрлаштириш, иш вақтини фақат ўқув тадбирларига асосланган ҳолда мустақил ташкил этиш, шунингдек, педагогик ходимлар томонидан илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни бажаришни рағбатлантириш;
    (в) бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини, шунингдек, ушбу маблағлар ҳисобидан Академия ходимларига ойлик устамалар белгилаш мезонларини тасдиқлаш кабилар киритилган.
  3. Академия касбий қайта тайёрлаш курсига киришда талабгорлар Академиянинг ўзига келган ҳолда ҳамда судьяларнинг малака ҳайъатларига шунингдек, академининг веб-сайти орқали (https://sudacademy.uz/uz/; www.sudya.uz) электрон шаклда тегишли ҳужжатларни топшириш имконияти яратилган.
    Магистратурага кириш синовлари (“мутахассислик бўйича тест”, “чет тили бўйича тест”, “ҳуқуқий мавзуда иншо ёзиш” ва психологик тест) Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилиши, синов жараёнларини видеотасвирга олиш ва тўғридан-тўғри кузатиб бориш, шунингдек имтиҳон комиссияси томонидан иншолар шахссизлантирилган ҳолда текширилиши тартиби жорий қилинган.
  4. Академияга кириш синовлари ва якуний давлат имтиҳонлар натижаларидан норози бўлган тақдирда, мурожаат қилишлари ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борувчи имтиҳон комиссияси томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш, унинг қарорлари устидан Кенгашга шикоят қилиш тартиби белгиланган.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech