Умумий маълумот
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–141-сон Фармонига мувофиқ, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилган.
Академия Судьялар олий кенгаши ҳузурида фаолият юритувчи, юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Академия Судьялар олий мактабининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Академияга Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ректор раҳбарлик қилади.
Академия ректори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт таъминоти шартларига кўра Олий суд раисининг ўринбосарига тенглаштирилади.
Академия проректорлари Судьялар олий кенгаши раиси билан келишилган ҳолда Академия ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Академия проректорлари ва профессор-ўқитувчиларига Олий суд судьялари учун, Академиянинг бошқа ходимларига эса Олий суд аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт таъминоти шартлари ва бошқа имтиёзлар татбиқ этилади.
Академиянинг олдинги иш жойи бўйича ҳарбий, махсус ва даражали унвонлар ҳамда малака (мансаб) даражасига эга ходимларига Олий суд учун назарда тутилган мансаб даражалари тегишлилигича берилади, кўп йиллик хизматлари учун устама ва қўшимча тўловлар тўланади, уларнинг Академияда ишлаган даври ҳарбий, махсус ва даражали унвонлар ҳамда малака (мансаб) даражаларини олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.
Академияга ишга жалб этилган ва малака даражасига эга бўлган судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларда судья учун белгиланган устама ва қўшимча тўловлар, имтиёзлар, тиббий ва пенсия таъминоти шароитлари сақлаб қолинади. Ушбу шахсларнинг Академияда ишлаган вақти судьялик стажига қўшилади.
Академия ходимларига махсус унвонлар ва мансаб даражалари бериш Судьялар олий кенгаши раиси томонидан амалга оширилади.