Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 2025 йил 24 ноябрдаги 22-сон қарори
Унга кўра, қуйидаги тушунтиришлар берилди:
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддаси талабига кўра, шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак”.
“Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг бошқа давлатлар судларининг ҳукмлари бўйича судланганлиги ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Бунда судлар бошқа давлат судининг ҳукмида кўрсатилган жиноят учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ҳам жиноий таъқиб назарда тутилганлигини, шунингдек ушбу Кодекс 34-моддасидаги шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш учун белгиланган мезонларга мувофиқлигини текширишлари керак”.
“Энг кўп жазо деганда, Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида (модданинг қисмида) назарда тутилган ҳар қандай жазо турининг энг юқори муддати ёки миқдори тушунилиши лозим”.