7 Январь 2026 114

Президент Мурожаатномасида белгиланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: назария ва амалиёт уйғунлиги

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожатномасида суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш механизмларини янада такомиллаштириш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди.

Мурожаатномада суд ҳокимияти мустақиллиги ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий шартларидан бири сифатида қайд этилди. Судьяларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик, уларнинг моддий ва ижтимоий кафолатларини кучайтириш, кадрларни танлаш ва тайинлаш жараёнларида шаффофликни таъминлаш масалалари муҳим вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу борада судьяликка номзодларни танлашда касбий билим, ҳаётий тажриба ва юксак маънавий фазилатларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Судьянинг мустақиллиги нафақат қонун билан, балки унинг шахсий дахлсизлиги ва касбий барқарорлиги билан ҳам таъминланиши лозим.

Президент Мурожаатномасида оддий фуқаро учун судга мурожаат қилиш осон, қулай ва адолатли бўлиши шартлиги алоҳида уқтирилди. Шу нуқтаи назардан, суд жараёнларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Айниқса, электрон судлов тизимини такомиллаштириш орқали ишларни кўриш муддатларини қисқартириш, инсон омили таъсирини камайтириш ва шаффофликни таъминлаш суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга олиб келади.

Шунингдек, Мурожаатномада жиноят судлови соҳасида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласи марказий ўрин тутди. Айниқса, шахсни асоссиз жиноий таъқибдан ҳимоя қилиш, ҳимоя ҳуқуқини тўлиқ кафолатлаш, далилларни баҳолашда қонун устуворлигини таъминлаш масалалари долзарб вазифалар сифатида қайд этилди. Бу йўналишда айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этиш, тергов ва суд босқичларида қонун бузилишларига йўл қўймаслик судья ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдида турган муҳим масъулиятдир. Одил судлов академияси тингловчилари учун бу масалалар келгусида касбий фаолиятда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Президент Мурожаатномасида фуқаролик ва маъмурий суд ишлари орқали давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг ролини янада оширишни тақозо этади.

Маъмурий судлар фаолиятида “давлат – фуқаро” муносабатларида адолат ва қонунийликни таъминлаш, давлат органларининг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали ҳуқуқий ҳимоя механизмларини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда малакали кадрлар тайёрлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Одил судлов академияси тизимида таълим мазмунини замонавий талабларга мослаштириш, амалий кўникмаларга асосланган ўқув дастурларини жорий этиш муҳим ҳисобланади. Айниқса судьяликка номзодларни тайёрлашда уларнинг мантиқий фикрлаши, тизимли таҳлил, қонуний қарорлар қабул қилиш ва академик ёзувларга асосланиш муҳим аҳамиятга эга.

Президентнинг 2026 йилги Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизими бўйича белгиланган вазифалар ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Суд ҳокимияти мустақиллиги, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судловнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидир.

Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьялар корпусининг касбий ва маънавий салоҳиятини ошириш, судлов жараёнларида шаффофлик ва адолатни таъминлаш орқали фуқароларнинг судга бўлган ишончини кучайтириш Мурожаатномада белгиланган асосий мақсадлардан биридир. Айниқса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилгани суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг инсонпарвар моҳиятини яққол намоён этади.

Шу билан бирга, жиноят, фуқаролик ва маъмурий суд ишларини юритишда қонун устуворлигини таъминлаш, процессуал кафолатларни кучайтириш, рақамли судлов тизимини ривожлантириш орқали одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди. Бу эса суд амалиётида инсон омили билан боғлиқ салбий ҳолатларни камайтириш, қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини оширишга хизмат қилади.

Академик нуқтаи назардан, Президент Мурожаатномаси Одил судлов академияси тингловчилари учун муҳим раҳбарий, назарий-амалий манба ҳисобланади. У келгусида судья, прокурор ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида фаолият юритадиган мутахассислар учун касбий масъулият, қонунга садоқат ва инсон тақдири олдидаги жавобгарликни чуқур англаш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бир қаторда, Академия тингловчилари учун мазкур Мурожаатнома нафақат сиёсий ҳужжат, балки келгусидаги касбий фаолиятда амал қилиш лозим бўлган муҳим дастуриламал сифатида хизмат қилади. Суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият юритувчи ҳар бир мутахассис ушбу устувор йўналишларни чуқур англаб, амалиётга татбиқ этишга ҳисса қўшиши зарур.

Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизими бўйича белгиланган вазифалар нафақат норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни, балки судлов маданиятини, ҳуқуқий тафаккурни ва адолатга бўлган жамият ишончини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Ушбу устувор йўналишларни изчил амалга ошириш суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистонда ҳақиқий ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилади.

 

Одил судлов академияси Касбий кўникмалар

кафедраси ўқитувчиси, ф.ф.ф.д.

Нажмидинова Нилуфар Юлдошовна

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech