2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”: ислоҳотларнинг янги босқичи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши мамлакат тараққиётида маҳалла институтига берилган стратегик аҳамиятнинг яққол ифодасидир. Мазкур йил доирасида маҳаллани фақатгина ҳудудий бошқарув бўғини сифатида эмас, балки жамиятнинг ижтимоий, маънавий ва иқтисодий таянч институти сифатида ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланди. Аҳолининг дарду ташвишини жойида ҳал этиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик фаоллигини оширишда маҳалланинг масъулияти янада кенгайиши таъкидланди.
2026 йилдан бошлаб мамлакат бўйлаб 9 мингдан ортиқ маҳаллада инфратузилмани тубдан яхшилаш режалаштирилган бўлиб, йўллар, ичимлик суви, электр таъминоти, жамоат транспорти, таълим ва соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда яшил ҳудудлар бир бутун тизим сифатида янгиланади. Бу ишлар парчаланган ҳолда эмас, балки комплекс ёндашув асосида амалга оширилиб, маҳаллалардаги асосий муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал этишни назарда тутади. Шу билан бирга, ҳар бир вилоятда 2–3 тадан туман танлаб олиниб, улардаги барча маҳаллалар тўлиқ қайта қурилади, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ривожлантирилади ҳамда ушбу мақсадлар учун 8,5 трлн сўм маблағ йўналтирилади.
Мурожаатномада маҳаллий вакиллик органларининг ролига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллаларни ободонлаштиришда депутатлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир сайлов округига 500 млрд сўм, ҳар бир депутат ташаббусига эса қўшимча 330 млн сўм ажратилиши белгиланди. Бу орқали маҳаллий муаммоларни жойида ҳал этиш, аҳоли манфаатларини тўлиқроқ ифода этиш ва депутатларнинг жавобгарлигини оширишга эришилади.
2026 йилдан туман бюджетларини мустақиллаштириш бўйича қабул қилинган қарорлар маҳаллий молиявий бошқарувда туб бурилиш ясайди. Қўшилган қиймат солиғи тушумининг маълум қисми ҳудудларда қолдирилиши, режадан ортиқ тушган даромадларнинг 50 фоизини туман бюджетларига ўтказиш, ер ижараси ва бозорлардан тушган даромадларни маҳаллий даражада сақлаб қолиш орқали туман бюджетларида тахминан 5 трлн сўмлик қўшимча манбалар шаклланади. Мазкур маблағлар бевосита маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилади.
Шунингдек, 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 трлн сўм тўғридан-тўғри вилоятларга ажратилиши белгиланди. Ушбу маблағлар иш ўринлари яратадиган, аҳолининг даромадини оширишга хизмат қиладиган аниқ ва манзилли лойиҳаларга йўналтирилиб, бюджет маблағларининг лойиҳа асосида сарфланиши самарадорлик ва шаффофликни таъминлайди. “Маҳаллада саноат ва хизмат” дастури доирасида 10 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш, 100 мингта янги иш ўрни яратиш ҳамда 360 минг нафар аҳолини банд қилиш режалаштирилгани маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Жамиятни юксалтириш иқтисодий ўсиш билан бир қаторда инсон капиталига инвестиция киритишни ҳам талаб этади. Шу боис маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, айниқса хотин-қизларни жисмоний фаолликка жалб этиш учун 1 трлн сўм ажратилиши, шунингдек, ёшлар китобхонлигини ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион нусха бадиий китоб билан таъминлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, маҳалла тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақамли ечимларни жорий этиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ижтимоий хизматларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали жамият барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилга шундай ном берилиши маҳалланинг давлат ва жамият ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамлаб, фуқароларнинг фаол иштирокига таянадиган адолатли, очиқ ва тараққий этган жамиятни барпо этишга қаратилган стратегик қарор эканини англатади.
Фозилжон Отахонов,
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси
профессори, юридик фанлар доктори