Янгиликлар

...

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 75 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

“Суд экспертизасининг ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари” мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори Sh.Abduqodirov бошчилигида Академия ходимлари иштирок этди. Тадбир давомида суд экспертизаси соҳасининг бугунги ҳолати, замонавий илмий ёндашувлар, инновацион технологиялар ва илғор хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.Шунингдек, экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳанинг илмий ва амалий салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.Марказнинг 75 йиллиги муносабати билан суд экспертизаси соҳасида самарали фаолият олиб бораётган, соҳага муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаол соҳа ходимлари тантанали равишда тақдирланди.75 йиллик тарих — бу нафақат муҳим сана, балки бой тажриба, илмий салоҳият, шаклланган касбий анъаналар ва мамлакатимизда одил судловни таъминлашга қўшилган муносиб ҳиссанинг ёрқин ифодасидир.
Батафсил
...

ОДИЛ СУДЛОВ АКАДEМИЯСИ РEКТОРИНИНГ ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МУРОЖААТИ

Ҳурматли профессор-ўқитувчилар! Азиз тингловчилар ва магистрантлар! Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида 2026–2027 ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан барчангизни, Академия жамоасининг ҳар бир аъзосини самимий муборакбод этаман! Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, судларнинг мустақиллиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу ислоҳотларнинг самараси, энг аввало, суд-ҳуқуқ тизимида фаолият юритадиган кадрларнинг билими, касбий маҳорати ва маънавий фазилатларига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–141-сон Фармони асосида ташкил этилган Одил судлов академияси судьяликка номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш масканидир. Бу йилги қабул натижалари Академияга бўлган ишонч ва қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатди. Касбий қайта тайёрлаш курсларига 849 нафар талабгор ҳужжат топширган бўлса, улар орасидан белгиланган мезонлар асосида 112 нафар номзод саралаб олинди. Магистратурага эса 872 нафар талабгордан 61 нафари қабул қилинди. Магистратура дастурининг Академия тарихида илк бор йўлга қўйилгани биз учун алоҳида фахр ва катта масъулиятдир. Азиз тингловчилар ва магистрантлар! Сиз кучли рақобатдан ўтиб, сараланганлар қаторидан жой олдингиз. Бу – билимингиз ва меҳнатингизнинг эътирофи, айни пайтда жамият олдидаги улкан масъулиятнинг бошланишидир. Эртага сизнинг қарорларингизга инсон тақдири, оилалар осойишталиги ва жамиятнинг адолатга бўлган ишончи боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳар бир дарс, ҳар бир амалий машғулот ва суд жараёни симуляциясига келажакдаги касбий фаолиятингизнинг пойдевори сифатида қаранг. Биз сиздан фақат диплом эмас, балки мустақил фикрлайдиган, қонунни чуқур биладиган ва адолатли қарор қабул қилиш масъулиятини ҳис этадиган мутахассис бўлиб етишишингизни кутамиз. Ҳурматли ҳамкасблар! Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 14 августдаги ПФ–160-сон Фармони билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030” стратегияси олдимизга янада юксак вазифаларни қўймоқда. Стратегияда “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби устувор йўналишлар белгиланди. Академияни халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида ривожлантириш, суд кадрларини тайёрлашнинг узлуксиз тизимини — магистратура, қайта тайёрлаш, амалиёт, баҳолаш ва доимий малака ошириш занжирини йўлга қўйиш вазифаси бевосита бизнинг зиммамиздадир. Шу мақсадда янги ўқув йилида асосий эътиборимизни қуйидаги йўналишларга қаратамиз: ➖ ўқув жараёнини амалиётга янада яқинлаштириш, суд жараёнлари симуляцияси ҳамда тажрибали судьялар иштирокидаги амалий машғулотлар улушини ошириш; ➖ рақамли технологиялар ва сунъий интеллект воситаларини таълим жараёнига босқичма-босқич жорий этиш; ➖ илмий фаолиятни кучайтириш, суд амалиётига доир диссертация тадқиқотлари ва илмий-амалий изланишларни қўллаб-қувватлаш; ➖ хорижий судьялар тайёрлаш муассасалари ва нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш; ➖ “Про Боно” юридик клиникаси фаолиятини ривожлантириш орқали тингловчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни давом эттириш. Судья учун чуқур билим қанчалик муҳим бўлса, ҳалоллик, холислик ва поклик ҳам шунчалик зарур. Коррупцияга нисбатан муросасизлик, касб одоби ва судья шаънига садоқат Академиямизда таълим-тарбиянинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Қадрли профессор-ўқитувчилар! Тингловчиларимиз эртага қандай мутахассис бўлиб етишиши кўп жиҳатдан сизнинг билимингиз, тажрибангиз ва шахсий ибратингизга боғлиқ. Ишонаманки, янги ўқув йилида ҳам ўз салоҳиятингизни намоён этиб, ҳар бир машғулотни мазмунли ва самарали ташкил этасиз. Барчангизни янги ўқув йили бошлангани билан яна бир бор самимий табриклайман. Ўқиш ва изланишларингиз юксак натижалар билан якунлансин, келажакдаги фаолиятингиз адолат ва қонун устуворлигига хизмат қилсин! Ўзбекистон Республика Одил судлов академияси ректори Sh.Y. Абдуқодиров
Батафсил
...

Иқтисодий низоларни муқобил ҳал этиш усуллари муҳокама қилинди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида “Иқтисодий низоларни муқобил ҳал этиш усуллари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Хитойдан соҳа экспертлари, халқаро арбитраж ва медиация мутахассислари, адвокатлар, олимлар ҳамда судьялар иштирок этди.Конференцияда иқтисодий низоларни медиация ва арбитраж орқали ҳал этиш, судгача низоларни бартараф этиш механизмлари, медиатив келишувларни ижрога қаратиш, рақамли медиациянинг имкониятлари ва ҳуқуқий хавфлари, шунингдек, трансчегаравий тижорат низоларида медиациядан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.Шунингдек, иштирокчилар томонидан хорижий давлатларнинг медиация соҳасидаги илғор тажрибаси, иқтисодий низоларни судгача ҳал этишнинг самарали усуллари ҳамда низоларни муқобил ҳал этишнинг замонавий механизмлари юзасидан фикр алмашилди.Конференцияда билдирилган фикр ва таклифлар иқтисодий низоларни тезкор ва самарали ҳал этиш, медиация ва арбитраж институтларини ривожлантириш, судлар иш юкламасини камайтириш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Батафсил
...

Навбатдаги малака ошириш курслари якунланди

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида «Инсон» марказларининг ҳуқуқий масалалар бўйича эксперт-маслаҳатчилари ҳамда Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўбаси масъул ходимлари учун қисқа муддатли малака ошириш курслари якунланди. Мазкур ўқув дастури «Инсон» марказлари масъул ходимларининг оилавий ва фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, шунингдек, суд жараёнларида болалар ва оилаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича компетенцияларини ривожлантиришга қаратилди.Курслар давомида тингловчиларга соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги янгиликлар, ҳуқуқий таваккалчиликларни бошқариш, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар, суд амалиёти ҳамда ҳуқуқий экспертизанинг долзарб масалалари бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.Машғулотлар Академия профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Олий суд ва Тошкент шаҳар судларида фаолият юритаётган кўп йиллик тажрибага эга судьялар иштирокида олиб борилди.Малака ошириш курслари якунида тингловчиларнинг ўзлаштирган билимлари тест синовлари орқали баҳоланди. Натижаларга кўра, барча иштирокчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори эканлиги қайд этилиб, курс якунида уларга сертификатлар топширилди.
Батафсил
...

Академияда янги ўқув йилининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчилари ҳамда магистратурага қабул қилинган магистрантлар учун янги ўқув йилининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Академия раҳбарияти, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, профессор-ўқитувчилар, магистрантлар ҳамда касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган тингловчилар, ОАВ вакиллари иштирок этди.Тадбир давомида янги ўқув йилининг расмий очилиши, табрик сўзлари ва тингловчиларга эзгу тилаклар билдирилди. Шунингдек, тингловчи ва магистрантлар сўзга чиқиб, ўзларининг фикр ва таассуротлари билан ўртоқлашдилар.Шунингдек, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим жараёнини ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда тингловчиларнинг касбий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Академиянинг профессор-ўқитувчиларини тақдирлаш маросими ўтказилди.Тантанали очилиш маросими якунланганидан сўнг касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун илк ўқув машғулотлари бошланди. Машғулотларда тингловчиларга ўқув дастурлари доирасида дастлабки мавзулар бўйича назарий ва амалий билимлар берилди.Тадбирнинг асосий мақсади — судьялик лавозимига номзодларни сифатли тайёрлаш, суд кадрларининг касбий салоҳиятини ошириш, таълим ва суд амалиёти уйғунлигини таъминлаш ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали суд кадрларини шакллантиришдан иборат.Янги ўқув йилининг бошланиши Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Батафсил
...

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муборак бўлсин!

Азиз ва муҳтарам устозлар!Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси жамоаси номидан самимий муборакбод этамиз!Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз. Меҳнатингиз ва устозлик фаолиятингиз доимо эъзозда бўлсин!Сизнинг билим ва тажрибангиз келажакдаги профессионал кадрлар салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилсин!
Батафсил
...

Одил судлов академияси Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида навбатдаги Кенгаш йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Академия фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар, таълим ва илмий жараёнлар, шунингдек, белгиланган вазифаларнинг ижро ҳолати муҳокама қилинди. Масъулларнинг ахборотлари тингланиб, мавжуд масалалар юзасидан фикр алмашилди.Муҳокамалар якунида таълим сифати ва илмий фаолият самарадорлигини янада ошириш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Батафсил
...

Малака ошириш курслари давом этмоқда

Аввал  хабар берганимиздек, «Инсон» марказларининг ҳуқуқий масалалар бўйича эксперт-маслаҳатчилари ҳамда Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўбаларининг масъул ходимлари учун қисқа муддатли малака ошириш курслари давом этмоқда. Бугунги машғулотларда Одил судлов академияси профессори E.Sabirov томонидан “Алимент ундириш билан боғлиқ ишларни судда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари” ҳамда Олий суди судьяси J.Tirkashev томонидан "Уй-жой низолари ва қарзни ундириш билан боғлиқ фуқаролик ишларининг судда кўриб чиқилиши"га оид мавзуларда машғулотлар ўтказилди.Машғулотларда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш тартиби, далилларни баҳолаш ва суд амалиётида эътибор қаратиладиган масалалар муҳокама қилинди.
Батафсил
...

Инсон ҳуқуқлари бўйича В Самарқанд форуми ўтказилмоқда

2026 йил 28–29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Инсон ҳуқуқлари бўйича В Самарқанд форуми бўлиб ўтмоқда.Форумда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори ва ходимлари ҳам иштирок этмоқда. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан ташкил этилган. Форум “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал шериклик” мавзусига бағишланган.Форумнинг якуний босқичи 29 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони, Улуғбек мадрасасида бўлиб ўтади. Ялпи мажлисда параллель сессиялар натижалари умумлаштирилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини мустаҳкамлашга қаратилган хулоса ва амалий таклифлар тақдим этилади.Шу тариқа, В Самарқанд форуми миллий ва халқаро экспертлар, давлат органлари, БМТ тузилмалари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни алмашиш ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим халқаро мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Батафсил

Биз билан алоқа

  • Манзил:

    Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 6

  • Қабул кунлари:

    Ду–Ша 09:00–18:00

  • Индекс:

    100097