19 Ноябрь 2025 67

САМАРҚАНД ШАҲРИДА ХАЛҚАРО ФОРУМ БЎЛИБ ЎТДИ

 

КРИМИНОЛОГИЯНИНГ ОДИЛ СУДЛОВ СAМAРAДОРЛИГИГA ТAЪСИРИ

Aннотация: мазкур мақолада Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар замирида криминология ва одил судловнинг ўзаро боғлиқлиги таҳлил қилинади. Муаллиф муайян илмий-таҳлилий мушоҳадаларга таяниб жиноятчиликнинг сабаблари ва жиноят содир этган шахснинг хатти-ҳаракатларини ўрганувчи криминология одил судлов самарадорлигига таъсир этувчи мезон эканлигини асослаб беради.

Калит сўзлар: криминология, суд, одил судлов самарадорлиги, жиноят содир этган шахс,  жиноятчилик, ҳукм, жазо тайинлаш, жазонинг муқаррарлиги, жиноятчиликнинг олдини олиш.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани сингари суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар бинобарида кримонология соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Криминология соҳасида илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-22-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Криминологик фаолиятни илмий таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 445-сонли қарори шулар жумласидандир.

  Криминология – жиноятчилик ҳодисаси ва қонуниятлари, унинг сабаблари ва бошқа омиллар, жиноятчи шахси ва жиноят содир этиш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳуқуқбузарлар, жиноятчи шахсларни, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш чоралари тизимини ўрганувчи ижтимоий, ҳуқуқий фандир

Aйрим тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, криминологиянинг вужудга келиши 1764 йилда италиялик 26 ёшли инсонпарвар, публицист ва юрист Чезаре Беккариянинг “Жиноятлар ва жазолар ҳақида” деган кичкина, бироқ сермазмун китоби нашр этилиши билан боғлиқ

Криминология бошқа фанлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Уни ҳуқуқ тизимининг турли йўналишлари билан бевосита боғлиқ ҳолда таҳлил қилиб чиқишимиз мумкин. Масалан, ҳуқуқий адабиётларда келтирилишича, жиноят ҳуқуқи социологияси маълумотларидан криминологияда жиноятчиликнинг олдини олиш тизимида жиноят-ҳуқуқий чораларнинг ўрни ва ролини аниқлаш учун фойдаланилади. Шу нуқтаи назардан жиноий жазо криминология фани ўрганадиган жиноятчиликнинг олдини олишнинг ижтимоий чора-тадбирларидан бири сифатида қаралади. Жиноят ҳуқуқи билан таққослаб кўрганимизда, криминологиянинг ўзарo алоқадорлиги нисбатан кенгроқ эканлигини кўрамиз.

Жиноят процесси билан боғлаган ҳолатда қараладиган бўлса, баъзи олимларнинг кириминология жиноят процесси билан бир вазифани бажаради, деб ҳисоблашини кўришимиз мумкин. Уларнинг фикрича, криминология жиноят судлов ишларини юритишда муайян жиноят содир этилишига имконият яратувчи омилларни аниқлайди ва уларни бартараф этиш чораларини кўради, айни масалалар эса жиноят-процессуал қонунчилигида аниқ белгилаб қўйилган.

Бизнинг назаримизда, криминологиянинг одил судлов самарадорлигига таъсири қуйидаги учта ҳолатда яққолроқ намоён бўлади.

I.Қонун ижодкорлиги жараёнидаги ўзаро алоқадорлик.

Криминологик тадқиқотлар ва статистик маълумотлар  ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришга ёрдам беради. Хусусан, криминологик тадқиқотлар, статистика ва қонун ижодкорлиги ўртасидаги боғлиқлик самарали одил судлов тизимини яратиш учун жуда муҳимдир.

Фикримизни асослаш учун қуйидагиларга эътибор қаратамиз :

Қонун ҳужжатларини қабул қилиш асослари: криминологик тадқиқотлар натижасида жиноятчиликнинг сабаблари, шартлари ва динамикаси ҳақида эмпирик маълумотлар жамланади. Қонун чиқарувчилар бу маълумотлардан тахминлар ёки жамоатчилик фикрига асосланган ҳолда реал воқеликда, яъни турли ижтимоий муносабатлар доирасида юзага келган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида янги қонун ҳужжатларини қабул қиладилар, мавжудларини эса такомиллаштирадилар.

Қонун ҳужжатларининг самарадорлигини баҳолаш: криминологик статистика мавжуд қонунларнинг қандай даражада ишлаётганлигини баҳолашга ёрдам беради. Агар маълумотлар маълум бир қонун ҳужжати жиноятчиликнинг камайишига олиб келаётганлиги ёки ножўя ёндош таъсирларга, салбий оқибатларга сабаб бўлаётганлигини кўрсатса (масалан, қамоқхоналарнинг гавжумлиги), бу уни қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Янги таҳдидларни аниқлаш: янги турдаги жиноятларнинг пайдо бўлиши (масалан, кибержиноятчилик, фирибгарликнинг янги шакллари) янги қонунчилик ташаббусларини талаб қилади. Криминологик тадқиқотлар ушбу таҳдидларни аниқлашга ва уларга қарши курашиш учун етарли ҳуқуқий воситаларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Адолат ва мутаносиблик: криминологик тадқиқотлар жазоларнинг мутаносиблигини аниқлашга ёрдам беради, санкцияларнинг оғирлиги жиноятнинг оғирлигига мос келишини ва қонунчилик аҳолининг айрим қатламларига номутаносиб таъсир кўрсатмаслигини таъминлайди.

Мухтасар айтганда, криминологик тадқиқотлар натижасида олинадиган  маълумотлар ва статистикага асосланган қонунчилик янада мақсадли, самарали ва адолатлидир.

  1. Ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ўзаро алоқадорлик. Жиноят содир этганнинг шахсий сифатларини ва жиноятнинг сабабларини аниқлаш судьяларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини яхшироқ тушунишга, суд муҳокамасини самарали ташкил этишга, хусусан суд тергови жараёнида судланувчини сўроқ қилиш тактикасини танлашга ва жазо чораларини белгилашга ёрдам беради.

Жиноят содир этган шахснинг хулқ-атворини (криминологик профиль), яъни унинг криминологик тавсифи ва жиноят содир этилишига олиб келган омилларни (жиноий детерминантлар) чуқур англаш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва суд учун жуда муҳим роль ўйнайди. Бинобарин, бу  жазони индивидуализация қилиш учун зарур. Судья жазо тайинлашда судланувчининг жамият учун  хавфлилик даражасини, жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳамда уни реабилитация қилиш имкониятларини ҳисобга олади. Бу жиноят қонунчилиги мақсадларига, яъни шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга жавоб берадиган адолатли ва мутаносиб жазо тайинлашга ёрдам беради.

III. Профилактика, яъни превентив таъсир: суд қарорлари нафақат жазолашга, балки янги жиноятларнинг олдини олишга ҳам қаратилганлиги сабабли муҳим криминологик аҳамиятга эга (алоҳида ва умумий превенция).

Алоҳида (шахсий) превенция: суд томонидан муайян бир шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо, келажакда ушбу шахснинг янги жиноятлар содир этишининг олдини олишга қаратилади. Ҳақиқий жазо билан таҳдид қилиш ёки қўллаш (масалан, озодликдан маҳрум қилиш) маҳкумни қайта жиноят содир этишдан қайтаради.

Умумий превенция: ошкора суд жараёни ва ҳукм чиқаришнинг ўзи бошқа потенциал жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар учун муайян сигнал бўлиб хизмат қилади. Бу жиноят содир этганлик учун жазо муқаррарлигини таъминлайди ва жамиятнинг бошқа аъзоларини қонунни бузишдан қайтаради. Яъни, суд ҳукми нафақат жазога сазоворлик ҳаракати, балки жамиятда янги жиноятларнинг олдини олиш  мақсадига эришишнинг асосий воситаси ҳамдир. Шу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят –процессуал кодексининг 298-моддасида жиноят ишини кўриш жараёнида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланганидан кейин суд хусусий ажрим чиқариб, унда тегишли давлат органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, жамоат бирлашмаларидан, жамоалардан ёки мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилиши белгилаб қўйилган.

Криминология ва одил судлов самарадорлигининг ўзаро алоқадорлигини исботлашда  Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг нормаларни  ҳам асос сифатида кўрсатиш мумкин. Мазкур Кодекснинг 455-моддасига  кўра ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт.

Ҳукм қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида чиқарилган бўлса, қонуний деб эътироф этилади.

Ҳукм ишнинг ҳақиқий ҳолатлари унда кераклигича тўла ва юз берганига ҳақиқатан монанд тарзда аниқланган бўлса, асосли деб эътироф этилади.

Ҳукм айбдорга нисбатан жазо ёки бошқа таъсир чораси у содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва унинг шахси эътиборга олиниб тайинланган бўлса, айбсиз шахс эса оқланган ва реабилитация этилган бўлса, адолатли деб эътироф этилади .

Криминологик таҳлил жиноятнинг мотиви, сабаби, жамиятга таъсири ва қай даражада хавфли эканини аниқлашга, яъни суд ҳукмининг асосли бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур маълумотлар суд томонидан айбдорга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда ҳам, яъни суд ҳукмининг адолатли бўлишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, криминология шахсни, унинг руҳий ҳолатини, у яшаган ижтимоий муҳитни ўрганиш орқали судга айбдорнинг шахсий хусусиятларини баҳолаш имконини беради. Масалан, маҳкумни ахлоқан  тузатиш  имкони борми ёки жамият учун хавфли шахсми ва шу каби бошқа масалалар криминологик таҳлил орқали аниқланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 467-моддасига асосан, айблов ҳукмининг тавсиф қисмида суд исбот этилган деб эътироф этган жиноий қилмишнинг тавсифи, содир этилган жойи, вақти, усули, айбнинг шакли, жиноятнинг сабаблари, мақсадлари ва оқибатлари кўрсатилиши лозим. Криминология эса айнан шу масалаларни, яъни жиноятнинг сабаблари, шароити, усули ва жиноят содир этган шахснинг хулқ-атворини ўрганади. Бу таснифларсиз суд ҳукмини асосли, деб эътироф этиб бўлмайди.

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда айтадиган бўлсак, криминология жиноятнинг сабаблари, тенденциялари ва жиноят содир этган шахснинг хатти-ҳаракатларини ўрганади ҳамда шу асосида суд қарорларининг адолатли ва асосли бўлишини таъминлаш имконини яратади. Пировардида одил судлов самарадорлиги ортади.

 

Ҳожи-Мурод Исроилович Исоқов

Ўзбекистон Республикаси

Одил судлов академияси проректори в.в.б., профессор

 

                                   

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech